Унни бойитиш бўйича миллий дастур
Ўзбекистон ҳукумати томонидан микроэлементлар танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун катта этибор бериляпти. 2001 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Осиё Тараққиёт Банки билан ҳамкорликида JFPR-9005 номли лойиҳа доирасида мамлакатдаги 14 та ун комбинати унни бойитадиган дозаторлар билан жиҳозланди. Натижада темир моддаси, фолий кислота, рух ва керакли витаминлар билан бойитилган 600000 тонн ун ишлаб чиқарилди.
Унни бойитиш Миллий дастури Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан 2003 йилда ташкил қилинган. 2004 йилда Ўзбекистон Республикаcи Унни бойитиш Миллий дастури лойиҳасини амалга ошириш учун минтақада биринчилардан бўлиб Овқатланишни Яхшилаш Глобал Альянсининг 2,8 миллиона долларлик грантини олишга муваффақ бўлди.
Ушбу дастур Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўздонмаҳсулот» АК, БМТ Болалар Фонди (ЮНИСЕФ) ва Жаҳон Банки томонидан татбиқ қилинмоқда.
Унни бойитиш Миллий дастурининг ҳал қилувчи элементи унни бойитишга оид янги қонунлар ва стандартларни ишлаб чиқиш мақсадида барча ун корхоналари, етказиб берувчилар, импортчилар, савдо соҳаси билан Ҳукумат билан ҳамкорликда иш олиб боришдир.
Унни бойитиш Миллий дастуриннг мақсади Ўзбекистонда аёллар ва болалар ўртасида камқонликни 20 фоизгача камайтириш, унни бойитиш ҳамда микроэлементлар ва витаминлар билан бойитилган маҳсулотларни истеъмол қилишга асосланган янги овқатланиш маданиятини шакллантириш учун самарали ва ишончли институционал база яратишдан иборат.
Дастур беш йилга мўлжалланган. Дастурнинг умумий бюджети қарийб 6 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Унни бойитиш Миллий дастури Ўзбекистон Республикаси Бош вазириннг муовини раислигида Унни бойитиш Миллий Альянси раҳбарлиги остида амалга оширилмоқда. Асосий вазирликлар ва лойиҳага жалб қилинган ижтимоий соҳа идоралари Унни бойитиш Миллий Альянсининг аъзоларидир.
Унни бойитиш Миллий дастури бешта компонентдан ташкил топган бўлиб, улар қуйидаги ҳамкорлар томонидан амалга оширилади:
- Ишлаб чиқариш ва тақсимот (Ўздонмаҳсулот АК)
- Сифат назорати (Ўздонмаҳсулот АК, Донмаҳсулотлари МЧЖ ва Республика Давлат Санитария-Эпидемиология Назорати Маркази)
- Коммуникация ва маркетинг (БМТ Болалар фонди ЮНИСЕФ)
- Мониторинг ва таъсирни баҳолаш (Соғлиқни сақлаш вазирлиги)
- Менежмент (Соғлиқни сақлаш вазирлиги)
Ушбу Дастур доирасида «Ўздонмаҳсулот» АК га қарашли 44 та ва 6 та хусусий ун корхоналари керакли асбоб-ускуналар ҳамда премикс (витамин ва минераллар аралашмаси) билан таъминланади. Йилига 1,9 миллион тонна унни бойитиш учун қувватлар ташкил қилинади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бу хатарли гуруҳга кирувчи аҳолининг деярли 90 фоизини бойитилган ун билан таъминлашга имкон беради.
Ўзбекистондаги 1-навли ун бозори

Аммо бу корхоналар мамлакатдаги жами уннинг фақат 53 фоиз қисминигина ишлаб чиқаради. Айнан шунинг учун Қозоғистондан ун олиб кириладиган бўлса фақат бойитилган ун импортини таъминлаш зарур. Қозоғистонда Унни бойитиш тўғрисида Қонун қабул қилинган бўлиб, у ерда етарли миқдордаги ун корхоналари бойитилган ун ишлаб чиқармоқда. Бойитилган ун импорти устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистонда яшовчи 80 фоиз аҳолининг бойитилган унга бўлган эҳтиёжини қоплашга имкон беради.
Бойитилган ун ишлаб чиқариш режаси

Келгуси фаолият Ўзбекистон Республикасида бойитилган ун билан таъминлашни барқарорлаштириш учун тегишли Унни бойитиш тўғрисидаги Қонунни ишлаб чиқишга қаратилиши лозим.
Лойиҳанинг мақсадларига эришиш учун барча ҳамкорларнинг: Ҳукуматнинг, саноат, бизнес, савдо, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликнинг чуқур ҳамкорлиги талаб қилинади. Фақат биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш орқалигина Ўзбекистоннинг келгуси авлоди учун соғлом келажакни таъминлай оламиз!
Ўзбекистоннинг келгуси авлоди учун соғлом келажакни фақат биргаликда таъминлай оламиз!




