Дастурнинг натижалари

Унни бойитиш бўйича Миллий дастур фаолияти натижаларини ҳамда бойитилган ун истеъмол қилишнинг аҳоли саломатлигига таъсирини баҳолаш учун махсус мониторинг ҳамда таъсирни баҳолаш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг устида иш олиб борилмоқда.

Мақсадли гуруҳга кирувчи аҳолининг қонида гемоглобин ва фолий кислота миқдорининг ўзгариши Лойиҳанинг муваффақиятли фаолиятини белгилаб берувчи асосий кўрсаткич бўлади. Бу мақсадда республиканинг 5 минтақаси танлаб олинган бўлиб, махсус танлаб олинган клиникаларда ҳар йили 1800 кишининг қонидаги мазкур элементлар миқдори ўрганиб борилади. Ушбу ишни амалга ошириш учун тегишли асбоб-ускуналар сотиб олинади ва керакли ходимлар тайёрланиб, ўқитилади.

2002 йилда аҳоли ўртасида ўтказилган тиббий-демографик тадқиқот натижалари Дастлабки ҳолат деб қабул қилинган. Келиб тушиб, таҳлил қилинган Мониторинг натижалари сайтда эълон қилиб борилади.

Бугунги кунда (2006 йилнинг июн ойи) республиканинг 7 та турли минтақаларида (Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Хоразм, Жиpзах, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида) жойлашган 20 та корхонада унни бойитиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирга келиб ушбу корхоналарда жами 200 минг тоннага яқин бойитилган ун ишлаб чиқарилган. 2006 йилнинг иккинчи ярмига келиб, республикада фаолият кўрсатаётган «Ўздонмаҳсулот» АЖ га қарашли яна 28 та корхона лойиҳага жалб қилинади. Шундан сўнг республиканинг барча ҳудудидаги аҳоли бойитилган ун истеъмол қилиш имкониятига эга бўлади.

Унни бойитиш Миллий дастурига янги корхоналарни жалб қилиш махсус асбоб-ускуналарни жорий этишни, технолог-мутахассисларни, муҳандис ва лаборантларни ўқитишни тақозо этади. Бу йўналишда ҳам фаол иш олиб борилмоқда - «Ўздонмаҳсулот» АЖ корхоналари учун дозаторлар ҳамда витамин-маъданли аралашма (премикс) етказиб берилмоқда. «Ўзстандарт» агентлигида маъданли-витамин аралашмаси, бойитилган ун ва бойитилган ун маҳсулотлар учун учта янги давлат стандарти ишлаб чиқилиб, рўйхатдан ўтказилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати устидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.