30 апрелдан 7 майгача Ўзбекистоннинг 10 мингта мактабида «Саломатлик ҳафталиги» Миллий ахборот кампанияси ўтказилади.

1 май 2007

30 апрелдан 7 майгача Халқ таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 10 мингта мактабида «Саломатлик ҳафталиги» Миллий ахборот кампанияси ўтказмоқда.

2007 йил 1 май куни Тошкентдаги 195-мактабда кампаниянинг бошланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги умумтаълим ўқув муассасалари фаолиятини ташкил қилиш бош бошқармасининг бошлиғи жаноб Бахтиёр Дониёров, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон Республикаидаги ваколатхонасининг бошлиғи жаноб Ризо Ҳусайний, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болалик саломатлигини сақлаш Бош бошқармасининг бошлиғи Клара Ядгарова хоним ва бошқа мутахассислар иштирок этдилар.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон Республикаидаги ваколатхонасининг бошлиғи жаноб Ризо Ҳусайний ушбу кампаниянинг аҳамиятини таъкидлаб шундай деди:«Бу кампания болалар ва ота-оналарга керакли билимларни беради ҳамда келажак авлодлар саломатлигига таҳдидларни камайтириш учун замин яратади. Болалар бу зарарга энг мойил гуруҳдир, шунинг учун улар ўз ота-оналарини йодланган туз, бойитилган ундан ёпилган нон ва бошқа маҳсулотлардан фойдаланишга чақириб, камқонлик даражасини анчагина камайтиришлари мумкин».

Ахборот кампанияси давомида 5 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини бойитилган ун ҳамда йодланган тузнинг ёш организмнинг соғлом ўсиши, ривожланиши ва яхши ўқишига катта фойда бериши ҳақида хабардор бўладилар.

Кампания давомида Ўзбекистоннинг барча мактабларида интерактив ўқув тадбирлари, очиқ дарслар, танлов ва викториналар ўтказилади. Болалар ва уларнинг ота-оналари организмда темир ва йод танқислиги билан боғлиқ касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари билан танишадилар, бундай муаммоларни эса бойитилган озиқ-овқатлар истеъмол қилиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини билиб оладилар.

Ушбу кампанияни ўтказиш олдидан жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилди. Йил бошидан буён республиканинг барча вилоятларида маориф тизимидаги раҳбар ходимлари учун йўналтирувчи кенгашлар ўтказилди. Ушбу семинарларда бир ярим мингга яқин мутахассислар ва мактаб директорлари боланинг ўқиши учун қулай ва хавфсиз муҳит барпо этиш сифатли таълимнинг асосий шартларидан бири эканлиги ҳақида чуқур билимларга эга бўлдилар.

Республика мактаблари ўртасида бойитилган ун ва йодланган тузнинг ўқувчиларнинг саломатлиги ва мактабда яхши ўқишига фойдаси ҳақида 4 миллиондан ортиқ нусха коммуникацион материаллар чоп этиб, тарқатилди.