Микроэлементлар – макрооқибатлар
Микроэлементлар боланинг тўлақонли ривожланиши ва катта ёшдаги одамларнинг соғлом фаолияти олиб бориши учун ҳаётий зарур моддалар ҳисобланади. Темир, йод, фолий кислотаси, кальций ва шу каби бошқа микроэлементлар А, В1, В2, В12 ҳамда С дармон-дорилари (витаминлар) билан бир қаторда организмимиз учун энг муҳим моддалардан саналади.
Ушбу моддаларнинг етишмаслиги «яширин очлик» деб номланади. Масалан, инсон етарли миқдорда овқат истеъмол қилади, бироқ мана шу таомлар таркибида микроэлемент ва витаминларнинг етарли даражада бўлмагани боис организм энг зарур ҳисобланган озуқа моддаларни тўлалигича ола олмайди. Албатта, бу ҳар биримизнинг соғлигимиз ва умуман олганда бутун миллатнинг фаровонлигига ўз таъсирини кўрсатади. Кўпинча кенг жамоатчилик «яширин очлик» муаммосининг, агарда уни музтоғига қиёсласак, фақат юқори қисминигина кўради, холос. Бу ҳам темир танқислиги анемияси, ҳам йод танқислиги ҳолати (буқоқ), ҳам А витаминнинг етишмаслиги кабилардир. Мана шу касалликларнинг ҳаммаси миллат саломатлигига умумий таъсир кўрсатишидан ташқари, узоқ давом этадиган ижтимоий-иқтисодий оқибатларга ҳам эга бўлиб, ҳар қандай меҳнат тури билан шуғулланадиган кишининг қобилияти, ишчанлиги ва самарадорлигига, соғлиқни сақлаш харажатларига ва умуман мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ўзбекистон темир ва йод танқислиги муаммоси туфайли ҳар йили ўз ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 1,2 фоизини йўқотмоқда*. Бу эса 140 миллиард сўмдан зиёд деганидир.
«Яширин очлик»

Микроэлементлар танқислигининг иқтисодиётга таъсири
Жисмоний бардош ва куч талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида ишловчилар Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ташкил қилиши ҳисобга олинса, темир танқислиги камқонлиги муаммоси туфайли меҳнат унумдорлиги 17 фоизга пасайиши давлатга ҳаддан ташқари қимматга тушади.
Витаминлар ва минераллар етишмаслиги ривожланаётган мамлакатларнинг ҳар бирида юқори иқтисодий харажатларни келтириб чиқаради (Манба: World Bank)
Темир танқислиги туфайли айрим мамлакатларда рўй бераётган йиллик йўқотишлар
|
Мамлакат |
Фертил ешидаги аелларда темир етишмаслигининг мавжудлиги, % |
Мамлакатнинг АҚШ долларидаги иқтисодий йўқотишлари* |
|---|---|---|
|
Миср |
17 |
198 млн. |
|
Уммон |
32 |
114 млн. |
|
Покистан |
37 |
499 млн. |
|
Жанубий Африка |
50 |
1 116 млн. |
|
Ўзбекистон** |
60 |
131 млн. |
*Манба: WHO/EMRO
**Изоҳ: Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон учун темир ва йод танқислиги оқибатида кўрилган ЯИМнинг 1,2% миқдоридаги йўқотишлар асосида ҳисобланган. Манба: UNICEF/Micronutrient Initiative 2004
Санаб ўтилган касалликларнинг барчаси миллатнинг ақлий қобилияти ва саломатлигига таъсир қилишидан ташқари, ижтимоий-иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади ва мамлакатнинг иқтсодий ўсишида, соғлиқни сақлаш харажатларида, ногиронлик нафақалари ва сарфиётларида акс этади.
Иқтисодий оқибатлар

Ўзбекистон темир ва йод танқислиги туфайли ҳар йили ўз ЯИМнинг 1,2 фоизини йўқотмоқда, бу эса 140 миллиард сўмдан кўпроқдир. (Манба: UNICEF/Micronutrient Initiative 2004)
Темир ва фолий кислота танқислиги
Биз нафас олар эканмиз, кислород истеъмол қиламиз. Организмимиздаги темир заррачалари уни танамиз бўйлаб ташиб, барча аъзоларимизга етказиб беради. Ҳаво бўлмаса инсоният саноқли дақиқалардаёқ ҳаётдан кўз юмарди. Қонда темир моддаси бўлмаса ҳам худди шундай!
Қонда темир миқдорининг етарли бўлмаслиги камқонликни ёки илмий тилда айтадиган бўлсак, темир танқислиги анемиясини келтириб чиқаради. анемиянинг оқибатлари кўпинча яширин бўлиб, бир қарашда кўзга ташланмайди. Аммо, бугунги кунда анемиянинг қуйидаги асоратлари илмий исботланган:
Темир танқислиги катталарда оналар ўлимининг 40 фоизига сабаб бўлади (ҳомиладорлик ёки туғруқ пайтидаги ўлимлар), болаларнинг вазни енгил туғилишига, жисмоний қувват ва бардошнинг 20-40 фоизга пасайишига, мушакларнинг заифлашувига, жисмоний ва ақлий меҳнат вакиллари ўртасида меҳнат қобилиятининг 17 фоизга камайишига олиб келади.
Темир танқислиги болаларда ақлий ривожланишнинг заифлигига, тафаккур коэффициентининг (IQ) 5-7 баллга пасайишига, жисмоний ва руҳий-асабий ривожланишда ортда қолишга, инфекцияларга қарши иммунитетнинг суст бўлишига, диққат-эътибор ва фикрни жамлаш ҳамда хотиранинг бўшлигига сабаб бўлади. Темир танқислиги икки ёшгача бўлган болаларда миянинг ривожланишига айниқса ёмон таъсир қилади. Бунинг оқибатларини эса бола ҳаётининг келгуси йилларида тузатиб бўлмайди.
Ўзбекистонда темир танқислиги камқонлиги ҳомиладор аёлларнинг 80 фоизида, туғиш ёшидаги аёлларнинг 60 фоизида ва мактаб ёшидаги болаларнинг 57 фоизида аниқланган. Ўзбекистоннинг баъзи минтақаларида ҳомиладор аёлларнинг деярли 90 фоизи темир танқислигидан азият чекмоқда.
Ер куррасида ривожланаётган ва ривожланган мамлакатлардаги 2 миллиарддан ортиқ аҳоли темир танқислигига дучор бўлган. Бу бойларга ҳам, камбағалларга ҳам бирдек тааллуқли.
Жаҳонда темир танқислигининг тарқалганлиги

*АҚШда ун 1938 йилдан буён бойитилиши натижасида темир танқислиги маълум даражада камайган. Шунингдек, уннинг бойитилиши туфайли АҚШда ҳар йили 5000 та инсульт, 25000 та инфаркт ва 100000 та темир танқислиги камқонлиги ҳолатларининг олди олинмоқда.
Фолий кислотаси танқислиги инфаркт ва юрак хуружларига олиб келади - дунёдаги ҳар ўнинчи киши фолик кислота танқислиги туфайли юзага келган инфаркт ёки юрак хуружи оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Шунингдек, йўғон ичак саратони ва Альцгеймер хасталиги билан касалланиш хавфи ортади. Ҳомиладор аёл организмида фолий кислотаси танқислиги ҳомиланинг туғма мажруҳ («тиртиқ лаб», «бўри оғиз»), фалаж ва аэнцефалия (бош миянинг мавжуд бўлмаслиги) бўлиб туғилишига олиб келиши мумкин.
Йод танқислиги қалқонсимон без касалликларига (буқоқ), ақлий қобилиятларнинг сусайишига олиб келади, асаб тизимининг ривожланишига таъсир қилади.
А витамини танқислиги ҳужайра иммун танқислигига, ривожланишнинг бузилишига, ўсишнинг секинлашишига, оғриқ ва ҳароратга ўта таъсирчанликка, уйқусизлик ва озиб кетишга олиб келади.
Микроэлементлар етишмаслиги туфайли ҳар куни дунёда:
- 300 нафар она темир танқислиги туфайли туғруқ пайтида ҳаётдан кўз юммоқда
- 500 нафар чақалоқ фолий кислотаси танқислиги туфайли оғир туғма нуқсонлар билан туғилмоқда
- 4 000 нафар катта ёшдаги кишилар фолик кислотаси танқислиги туфайли инфаркт ва юрак хуружларидан вафот этмоқда
- Ишлаб чиқариш унумдорлигининг пастлиги ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий нафақалар учун харажатлар туфайли миллиардлаб долларлар йўқотилмоқда
Микроэлементлар етишмаслиги туфайли ҳар куни Ўзбекистонда:
- 2 нафар гўдак фолий кислотаси танқислиги туфайли оғир туғма нуқсонлар билан туғилмоқда
- 8 нафар бола А витамини танқислиги оқибатида инфекцияларга ўта таъсирчанлиги туфайли ҳаётдан кўз юммоқда
- 13 нафар чақалоқ туғилади, бироқ улар темир танқислиги туфайли ҳаётининг дастлабки дақиқаларида яшаб кета олмаслиги мумкин
- 380 нафар болада йод танқислиги туфайли ақлий ривожланишдан ортда қолиш эҳтимоли бор
- Икки ёшгача бўлган 1 000 дан гўдакнинг темир танқислиги туфайли ўсмай қолиш хавфи остида қолмоқда
- Ишлаб чиқариш унумдорлигининг пастлиги, «бой берилган имкониятлар» ва соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий нафақаларга сарфланадиган харажатлар туфайли 356 000 000 сўм йўқотилмоқда
Муаммонинг ечими
Озуқа микроэлементлар танқислиги муаммосининг ечими энг шошилинч ва энг долзарб вазифалардан бири бўлиб, ушбу муаммони ҳал қилишга сарфланадиган харажатлар микроэлементлар танқислиги оқибатида етадиган иқтисодий зарарлардан бир неча ўн баравар камроқдир.
Озуқа микроэлементлар танқислигининг ўрнини тўлдиришнинг энг самарали ва барқарор стратегияси кундалик истеъмол маҳсулотларини (темир билан бойитилган ун/нон ва йодланган туз) бойитишдир (фортификациялаш).
Дунёдаги 191 мамлакатдан фақат 48 тасидагина ун бойитилади. Жаҳон ҳамжамияти бу муаммога улкан аҳамият бермоқда. 2008 йилгача дунё саноатида ишлаб чиқариладиган уннинг 70 фоизини бойитиш режалаштирилмоқда. (Манба: Flour Fortification Initiative 2005)




