Унни бойитиш

Унни бойитиш (фортификациялаш) — бу буғдой унига уни тегирмондан чиқарганда йўқотиладиган фойдали микроэлементларни катта миқдорда қўшиш жараёнидир.

Нима учун айнан унни бойитишга қарор қилинди

Буғдой жаҳонда энг кенг тарқалган дон экинларидан биридир. Буғдойнинг асосий қисмини инсон озуқа сифатида истеъмол қилади. Инсон организми бу маҳсулотни истеъмол қилар экан, овқатланиш рационига қараб кундалик энергетик эҳтиёжини 17 фоиздан 45 фоизгача қондиради.

Биз нон ва ун маҳсулотларини ҳар куни еймиз. Нон ва ун айнан кенг тарқалганлиги, универсаллиги ва кундалик истеъмол қилиниши туфайли инсониятни темир моддаси, фолий кислотаси ва витаминлар каби керакли микроэлементлар билан таъминлашнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.

Буғдой донасида В1 (тиамин), В2 (рибофлавин), ниацин, В6 (пиридоксин), темир ва рух моддалари кўп миқдорда учрайди. Бироқ бу микроэлементларнинг барчаси доннинг пўстлоғида жойлашганлиги туфайли, уларнинг кўпи тегирмонда чиқитга чиқиб кетади.

Буғдой донини қайта ишлашда микроэлементлар тарқибининг ўзгариши

Бундан ташқари, сўнгги 100 йилда ғаллали экинлардаги фойдали микроэлементлар миқдори 40 фоиздан кўпроққа қисқарган. Айнан шунинг учун бугунги кунда унга ушбу озуқа микроэлементларни қўшиш кескин заруратга айланиб қолди.

Фортификацияланган (бойитилган) ун - ишлаб чиқаришнинг якуний босқичида темир моддаси, фолий кислотаси, В1, В2 ва рух каби фойдали микроэлементлар ва витаминлар қўшилган ундир. Ўзбекистонда асосан биринчи сорт ундан фойдаланилади, айнан шунинг учун «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналарида уннинг ушбу нави бойитилмоқда. Яқин келажакда Ўзбекистондаги хусусий ун ишлаб чиқарувчиларни бойитиш дастурига жалб қилиш режалаштирилмоқда. Қозоғистон уни ҳам бойитилган бўлиб, қопнинг устида «Соғлом маҳсулотлар» логотипи туширилган.

Ун нима билан бойитилади

Ўзбекистонда унни бойитиш учун Қозоғистон Овқатланиш Академияси томонидан Марказий Осиё аҳолисининг эҳтиёжлари, иқлим, географик ва бошқа омиллари ҳисобга олинган ҳолда махсус ишлаб чиқилган витамин ва минераллар аралашмасидан (премиксдан) фойдаланилади.

Компонент

%

1

В1 витамини (тиамин)

1,3% 

2

В2 витамини (рибофлавин)

2,0% 

3

В3 витамини (ниацин)

6,7%

4

Фолий кислота

1,0% 

5

Темир

33,5% 

6

Рух

14,7% 

Бойитилган ун ишлаб чиқариш

Ун ишлаб чиқариш корхоналарида биринчи навли ун ишлаб чиқаришнинг якуний босқичида махсус қурилма (дозатор) ёрдамида ҳар бир тонна унга 150 грамм ҳисобидан премикс қўшилади. Сўнгра махсус қурилма барча витаминларни пировард маҳсулотнинг бир жинсли ҳолга келиши учун яхшилаб аралаштиради. Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган унда темир моддасининг мавжудлиги ҳар икки соатда «спот тест» ёрдамида назорат қилиб турилади.

 

Ун тортиш жараенининг соддалаштирилган чизмаси

Унга премикс қўшиш учун дозаторнинг чизмаси

Фортификациянинг қиймати ҳар 1 кг унга 1 сўм 20 тийиндан тўғри келади. Шу сабабдан унни бойитиш аҳолини керакли микроэлементлар билан таъминлашнинг энг арзон ва самарали усули ҳисобланади.

Унни бойитиш бир йилlа аҳоли жон бошига 120 сўмдан тўғри келади (0.10 АҚШ доллари). Хўш, дорихонадан 120 сўмга бир йиллик витаминлар сотиб олиш мумкинми?

Бугунги кунга келиб, йирик, ўрта ва кичик ун корхоналаридагина унни бойитиш мумкин. Ҳозирча кичик қувватли уй «қўлбола» тегирмонларда унни бойитиш технологияси мавжуд эмас. Айнан шунинг учун фермер ва деҳқонлар ўз оилалари бойитилган нон ейиши учун имкони борича ғаллани фақат саноат корхоналаридагина қайта ишлашлари лозим.

Ўзбекистонда бойитилган ун «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналарида ишлаб чиқарилади. Бу компанияга йилига 3,1 млн тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 280 та корхона, шу жумладан 50 га яқин ун корхоналари  ҳамда йилига 1,3 млн тонна нон маҳсулотлари ишлаб чиқара оладиган 200 та новвойлик корхоналари кўнгилли равишда аъзо бўлган.

Республика ҳудуди бўйлаб бир текис жойлашган (интерактив харита) элликта ун корхонаси республика аҳолисининг 90 фоизини ун билан таъминлай олса, 200 новвойлик корхонаси мамлакат аҳолисининг 40 фоизини нон маҳсулотлари билан таъминлайди.

Яқин келажакда Ўзбекистондаги хусусий ун ишлаб чиқарувчиларни ҳам бойитиш жараёнига жалб қилиш режалаштирилмоқда. Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган биринчи ва олий нав унлар ҳам бойитилади.