Қонуний база
Дунёнинг қолган барча мамлакатларидаги каби, Ўзбекистонда ҳам унни бойитишни татбиқ қилишнинг барқарорлиги тегишли меёърий ҳужжатлар, қоидалар, стандартлар ва келгусида Ўзбекистон Республикасида унни ёппасига бойитиш тўғрисидаги ёки озиқ-овқат маҳсулотларини бойитиш тўғрисидаги Қонуннинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши билан боғлиқдир. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, бугунги кунга келиб фортификацияни Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ёппасига барқарор жорий қилиш учун зарур шарт-шароитлар тайёрлаб қўйилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 1ил 11 августда қабул қилинган «Унни бойитиш бўйича Миллий дастурни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 153-сонли Қарори ҳамда лойиҳанинг ҳар бир иштирокчисининг роли аниқ белгилаб берилган назорат режаси Унни бойитиш бўйича Миллий дастурни жорий қилишга асосий туртки бўлди. Бугунги кунда 3 та давлат стандарти қабул қилинди:
- O’z DSt 1104:2006 «Витамин-минерал аралашмаси билан бойитилган новвойхона буғдой уни», бойитилган уннинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилаб берувчи давлат стандарти
- O’z DSt 1098:2006 «Новвойхона буғдой унини бойитиш учун витамин-минерал аралашмаси» буғдой унини бойитиш учун ишлатиладиган витамин-минерал аралашмасининг миқдорий ва сифат таркибини белгилаб берувчи давлат стандарти
- O’z DSt 992:2006 «Янгилик» макарон маҳсулотлари» давлат стандарти
Ўзбекистондаги йирик ун корхоналари дозаторлар билан таъминлаб борилган сари ҳамда хусусий ун ишлаб чиқарувчиларни бойитиш дастурига жалб қилиш учун техник салоҳият шаклланиб борган сари, Ўзбекистон Республикасида ёппасига унни бойитиш тўғрисидаги Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим бўлиб, бу Қонун унни бойитиш билан боғлиқ бўлган барча соҳаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб, тартиблаб туради.
Шунингдек, Ўзбекистон бозорида импорт уннинг (асосан Қозоғистон унларининг) улуши анчагина катта эканлигини ҳисобга олган ҳолда, бойитилмаган ун учун маълум бир чеклашлар (тўсиқлар) киритиш зарур.
Нима учун Ўзбекистондаги барча унни миллат саломатлиги ва мамлакат иқтисодий тараққиёти учун бойитилаётган бир пайтда, биз бойитилмаган уннинг импорт қилинишига йўл қўямиз? Қозоғистонда ҳам Унни бойитиш тўғрисида ҳукумат Қарори қабул қилинган бўлиб, унда 2006 йилнинг 1 июлидан бошлаб уч йил давомида барча ун ишлаб чиқарувчиларни босқичма-босқич бойитилган ун ишлаб чиқаришга ўтиши талаб қилинган.
Биз эса мамлакатнинг БАРЧА аҳолиси ун қаерда ишлаб чиқарилган бўлишидан қатъи назар, бойитилган ундан фойда олиши учун фақат маълум бир шарт-шароитларни юзага келтиришимиз зарур, холос.




